Донецк айирмачилари Озодлик радиоси украин хизмати ҳамкорини 15 йилга қамади
0
21
“Озод Европа/Озодлик радиоси” медиакорпорацияси президенти Жейми Флай ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган “Донецк Халқ республикаси”да украин журналисти Станислав Асеевнинг 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинишини “ножўя”, дея таърифлади. Бу журналист Озодлик радиоси билан ҳамкорлик қилиб келган.
Ҳукмга оид хабар айирмачилар назорат қилаётган Донецк вилояти ҳудудида фаолият юритувчи Донецк янгиликлар агентлиги томонидан ёйинланди. Агентлик маълумотига кўра, Асеевга нисбатан ҳукм айирмачиларнинг Олий суди томонидан август ойидаёқ чиқарилган ва “қонуний кучга кирган”. Журналист жосуслик, экстремизм ва айирмачи республиканинг ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган чақириқларда айбланган.
Флайга кўра, Асеев журналист сифатида фаолият юритган ва Украина шарқидаги вазиятни ёритишга уринган, холос. У айирмачилар қарорини журналистнинг “кучли ва мустақил овозини ўчиришга уриниш”, дея баҳолади. Флай фикрича, Асеев зудлик билан озод қилиниши керак.
Асеев Озодлик радиоси украин хизматининг штатсиз мухбири бўлган. 30 ёшли журналист Донецк айирмачилар назоратига ўтганидан кейин ҳам бу ерда ишлашда давом этган оз сонли мухбирлардан бири эди. Асеев айирмачилар томонидан 2017 йили қўлга олинган.
Асеевнинг озод қилинишини халқаро ташкилотлар ва жаҳондаги етакчи ОАВ вакиллари ҳам талаб қилмоқда.
Украина ва халқаро ҳамжамият Донецк ва Луганск вилоятларида айирмачилар томонидан ташкил этилган органлар машруиятини тан олмайди, шундан келиб чиққан ҳолда, бу идоралар чиқарган қарорларни ҳам қонуний, деб билмайди.