Янги мамлакатнинг янги дафтари: “Меҳр дафтари”га оид низом тасдиқланди
0
1134
Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 17 январь куни имзоланган қарори билан Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган “Меҳр дафтари” тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар туман (шаҳар) ҳокими қарори асосида “Меҳр дафтари”га киритилади ва ундан чиқарилади.
“Меҳр дафтари” тизимига киритишнинг ахборот тизимидан фойдаланиш ва маълумотларни киритиш тартиби Миллий гвардия томонидан белгиланади.
Мазкур ахборот тизими жорий йилнинг 1 февралигача амалиётга жорий этилади.
Ўқув-тарбия муассасалари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари “Меҳр дафтари”ни шакллантиришга масъул ҳисобланади.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар 25 ёшга тўлганда тегишли қарор асосида “Меҳр дафтари”дан чиқарилади. Бунда, ҳужжатда қайд этилишича, дафтардан чиқарилаётган шахсларнинг бандлиги таъминланган ва уй-жойи мавжуд бўлиши шарт. Уларнинг бандлиги таъминланмаган ҳолатларда “Меҳр дафтари” ҳисобида туриш муддати бандлиги таъминлангунгача, бироқ 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистонда “Меҳр дафтари” тизими президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил август ойида етим болалар ҳимоясига қаратилган иккита қарор имзолаши ортидан жорий этилган. Шундан сўнг кузда ҳукумат мазкур тизим фаолиятини ташкил этишга оид қарор чиқарган.
Бунгача мамлакатда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Хотин-қизлар дафтари” каби тизимлар ишга туширилган эди.