Дор, тухум ва жаноза — Бизга қўшилинг: ???? https://t.me/joinchat/AAAAADwt0NGCRoONT4f1_Q
0
34
Турсунбой роса ичадиган бўлиб қолди. Топганида барака йўқ. Яна буям етмагандай, хотинининг бир жағи очилса, унча-мунчага ёпилмайди. Мана ҳозир ҳам қўшни кампир Холниса хола билан сўрида алланима қилиб ўтирган эди, ширакайф эри кириб келди. Яна жанжал бошланди. - Дод, бу эрни дастидан дод! Бу кунимдан ўлганим яхши! Бу эрга қачон ақл киради? Яқинда қизини чиқарадиган, ўғлини уйлайдиган бўп турибди-ю, ҳалиям алкашлигини қўймайди-я? Бундан кўра ўлиб қўя қолсангиз яхши эди. Ўзим бир амаллаб жойлардим, болаларимни... Хотинни одатдаги ҳақоратлари бу гал маст эрга қаттиқроқ таъсир қилдими ё қўшни кампирнинг бир четга қараб тиржайиб тургани ёқмадими, Турсунбой бир неча дақиқа серрайиб, шамолда чайқалган дарахтдек озгина у ён-бу ён бўлиб турди-да, ғўлдиради: – Мендан безор бўлсанг, бўлди. Ўзимни ўлдираман, қутуласан-қоласан. Бирорта тузукроғига тегволасан! – Қанийди, сиз ўзингизни ҳам ўлдиролмайсиз! – Шунақами? Мен кетдим. Хотини яна кампир билан гаплашиб ўтираверди. Ярим соатлар ўтгач, эрининг тинчиб қолганидан хавотир олдими: – Феруз, даданг уйдами? – деб сўради. – Йўқ. Боя арқон кўтариб молхонага кириб кетувдилар-ку. Хотин билан кампир молхонага югуришди. Молнинг охури тепасидаги тўсинда Турсунбой осилиб турарди. Хотин дод-войни бошлади. Кампир уни ўтқизиб, сув берди. Кейин “сен бориб асрдан чиққан чолларни етаклаб кел, бирор маслаҳат қиламиз”, деб уни масжидга жўнатди. Ўзи молхона ичидаги челак устига ўтириб, ўзича: “Ўл-а, тириклигингдаям ҳаммани жонига тегувдинг. Энди мениям бугунги тўйдан қолдирдинг”, деб охур ичида товуқ қўйган олти-етти тухумни кўриб қолди. “Майли, манави тухумларни олай, ҳарна”, деб энди нимчасининг чўнтагига солишни бошлаган эди: – Маякларни жойига қўйинг, эна! – деган Турсунбойнинг овози эшитилди. Кампир оёғи қалтираб, ранги оппоқ бўлиб, ерга ўтириб қолди. Эртасига ростдан ҳам жаноза бўлди. Фақат майит бошқа эди... Ёқуб Умар Манба: Azon.uz