Касаба уюшмалари Федерацияси пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслик бўйича Миллий мониторинг ўтказади
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида ўтказилган брифингда пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратилишини назорат қилиш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан 25 сентябрдан 31 октябргача Миллий мониторинг ўтказилиши маълум қилинди.
Миллий мониторингда тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари, Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ёшлар иттифоқи ва жойлардаги ННТ вакиллари, маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек АҚШ, Европа давлатлари ва бир қатор халқаро касаба уюшмалари марказлари вакилларининг иштирок этиши кутилмоқда.
Мониторинг гуруҳлари раҳбарлари касаба уюшмалари Федерацияси томонидан интернет тармоғига уланган планшетлар билан таъминланади ҳамда зарурий ташкилий-техник кўмак кўрсатиб борилади.
Ўрганиш жараёнида пахта тераётган вояга етмаган шахслар аниқланса, уларни зудлик билан даладан олиб чиқиш ва ўқув даргоҳига ёки уйига қайтариш чоралари кўрилади.
Мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатлари аниқланган ҳолда ҳам зудлик билан Акт (Далолатнома) тузилади ҳамда меҳнат инспекцияси чақирилиб, уларни иш жойларига қайтариш чоралари кўрилади.
Алоҳида таъкидлаш зарурки:
– корхона, ташкилот ва муассасалар ходимларидан ҳеч кимни меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки интизомий жазо бериш таҳдиди остида пахта йиғим-теримига жалб этиш мумкин эмас;
– ҳеч бир корхона, ташкилот, муассаса раҳбари ходимларни пахта йиғим-теримига юбориш тўғрисида буйруқ чиқариши мумкин эмас;
– меҳнаткашлар, тадбиркорлар, деҳқон бозорларида савдо-сотиқ билан шуғулланувчилар, маҳаллаларда истиқомат қилувчи фуқаролардан пахта йиғим-терими учун пул маблағлари йиғиш қатъиян тақиқланади;
– терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун тўланадиган терим пуллари ҳар беш кунда, теримчилар хоҳишига кўра зарурат туғилганда – ҳар куни тўланиши лозим.
Шунингдек, мажбурий меҳнат қалтисликларини келтириб чиқарувчи бошқа аломатлар, яъни фуқаронинг заифлигини суиистеъмол қилиш, алдов, ҳужжатларни олиб қўйиш, иш ҳақини тўламаслик, хавфли меҳнат шароитларида ишлатиш, иш вақти меъёрларига риоя қилмаслик каби ҳолатлар ҳам қонунан тақиқланади.
Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатлари рўй берганда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларга ёки касаба уюшмаларининг 10-92 рақамли “Ишонч телефони”га хабар бериш лозим.
Бундан ташқари жорий йилдан бошлаб мажбурий меҳнатга оид ҳолатлар тўғрисида @kasaba_bot Телеграм боти орқали ҳам мурожаат қолдириш мумкин.