Хотин-қизлар орасида ишсизлар эркакларга нисбатан кўп эканлиги айтилди
0
49
Айни пайтда Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 9,3 фоизни ташкил этса, бу кўрсаткич хотин-қизлар ўртасида 13,4 фоизга тўғри келмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига 217,7 минг нафар хотин-қизлар иш сўраб мурожаат қилган. Уларнинг 87,4 минг нафари, яъни 40 фоизининг бандлиги таъминланган.
Бу ҳақда 26 июль куни Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг давлат органлари томонидан гендер тенглик бузилишига оид мурожаатларни кўриб чиқиш ҳолати муҳокамасига бағишланган мажлисида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов маълумот берганини kun.uz хабар қилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 23 апрелда Ўзбекистонда 2019 йилнинг биринчи чорагида ишсизлик даражаси 9,4 фоиз бўлгани, бу 2018 йилнинг шу даврига солиштирганда 0,1 фоизга кўп эканлигини маълум қилган эди.
Вазирликнинг билдиришича, ишсизликнинг энг юқори даражаси Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларидадир. Бу ҳудудларда аҳолининг 9,7 фоизи ишсиз.
Тошкент шаҳрида эса ишсизлар сони ишга яроқли аҳолининг 8 фоизи даражасидадир. Республика бўйлаб ишга муҳтож одамлар сони 1 миллион 391 минг кишини ташкил этди.
Ишсизларнинг 15,3 фоизи 30 ёшгача бўлганлар, 17,1 фоизи 15−25 ёшлилар, 13 фоизи аёллардир.
Меҳнатга лаёқатлилар сони 183,2 минг кишига кўпайган ва 18 миллион 953 минг кишини ташкил этди. Бу 2018 йилнинг январь-март ойларига нисбатан 1 фоизга кўп.
Чет элга ишга кетганлар сони 19,4 минг кишига камайиб, 2 миллион 365 минг 400 нафарни ташкил этди.