Хотин-қизлар қўмитаси аёлларни томорқада ишлашга ўргатмоқчи!
Ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида Республика хотин-қизлар қўмитаси Вазирлар маҳкамаси қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди. Унга кўра, томорқада ишлаётган аёллар рўйхати тузилади, қўлига меҳнат дафтарчаси берилади. Шу билан улар ишли бўлиб қолади.
Республика хотин-қизлар қўмитаси “Хотин-қизларни иш билан таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Вазирлар маҳкамаси қарори лойиҳасини ишлаб чиқди. Агар бу қарор ижро этилса, шу пайтгача ишсиз ҳисобланган томорқасига қаровчи аёллар ҳам ишли ҳисобланади.
14 минг аёл меҳнат дафтарчали бўлади
Уларнинг меҳнати қонуний расмийлаштирилади, қўлларига меҳнат дафтарчаси тутқазилади. Йил сўнгига қадар 14 мингдан ортиқ аёл меҳнат дафтарчали бўлиши режаланган.
Томорқада ишлашга ўргатилади
Қўмита, шунингдек, шахсий томорқадан самарали ва оқилона фойдаланишни ўргатмоқчи. Буни ўргатишда Республика деҳқон фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва Республика маҳаллалар кенгаши қўмитага ёрдам беради.