Навоийда боласини сотган аёлга фарзанди қайтариб берилди
Навоийда боласини сотган аёлга фарзанди қайтариб берилдиДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан 5 миллион сўмга ўз фарзандини сотаётган вақтида ушланган 38 ёшли аёлни Хотин-қизлар қўмитаси кафилликка олди, дея хабар бермоқда «Жаҳон.уз».
Департаментнинг Конимех туман бўлими ходимлари ва ДХХ Навоий вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорликда ўтказилаётган тезкор тадбир давомида Ф.А. исмли аёл тадбирга шартли харидор сифатида жалб қилинган бошқа аёлга ўз фарзандини 5 миллион сўм эвазига сотган.
У ўз фарзандини сотиши сабаби сифатида янги туғилган боласини боқа олмаслиги, турмуш ўртоғининг ёши катта эканлиги, болани бир ўзи катта қила олмаслиги, шунинг учун уни сотишга мажбур бўлганини айтган.
Кармана тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Шерматова Жиноят кодекси 135-моддаси 3-қисмининг «а» банди билан судланаётган Ф.А.га нисбатан суд томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланса, уни тўлиқ назорат қилиб, иш билан таъминлаб, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиш имкониятини яратиб беришини билдириб, бу ҳақда кафолат хати тақдим қилган.
Судланувчи Ф.А. Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисмининг «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилган ва 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Унга кеч соат 22:00 дан эрталаб соат 06:00 га қадар яшаш жойидан чиқиши тақиқланди.
Унинг Навоий вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сақланаётган, 2019 йил 4 март куни туғилган фарзанди Ғ.М. ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг, онаси Ф.Алмаматовага қайтарилган.